Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифи доирасида йирик авиация лойиҳалари бўйича муҳим келишувларга эришилди. Жумладан, Airbus компаниясидан 14 та замонавий йўловчи самолёти харид қилинади, яна 5 таси эса ижарага олинади. Шунингдек, АҚШнинг Boeing компанияси билан 12 та самолётни Ўзбекистонга олиб келиш бўйича музокаралар бошланган.
Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Давлат раҳбари мутасадди ташкилотларга ушбу имкониятдан самарали фойдаланишни, йўловчилар оқимини ҳисоблаб, янги йўналишлар ва рейслар очишни ҳамда сайёҳлар оқимини оширишга доир аниқ режа ишлаб чиқишни топширди.
Мазкур лойиҳа орқали Ўзбекистоннинг авиапарки сезиларли янгиланади, бу эса ички ва халқаро туризм ҳамда авиаташувлар сифати ва қулайлигини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.


