Куни кеча “Ўзбекистон” халқаро форумлар саройида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, Осиё Олимпия кенгаши, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти, Халқаро Олимпия қўмитаси ва кўплаб халқаро спорт ташкилотлари, фахрий спортчилар ҳамда Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари иштирок этди. Тадбирда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов юртбошимизнинг Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва мамлакатимиздаги Олимпия ҳаракати аъзоларига йўллаган Мурожаатномасини ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг турли номинацияларда ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Қуйида барча тақдирланган спортчилар билан танишишингиз мумкин: —“Олимпиадаларда энг кўп медаль келтирган федерация” – Ўзбекистон бокс федерацияси; —“Олимпия рекордчиларини тарбиялаган федерация” – Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси; —“Олимпия ўйинларида энг кўп медалга эга чиққан спортчи” – Ришод Собиров; —“30 йилликнинг энг совриндор мураббийи” – Марат Қурбонов; —“30 йилликда узлуксиз медалларни қўлга киритган ассоциация” – Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси; —“Ўзбек спортини дунёга тарғиб қилишдаги хизматлари учун” – Равшан Ирматов; —“30 йилликнинг Энг шонли терма жамоаси” – футбол бўйича 1994 йилги Ўзбекистон миллий терма жамоаси; —“Ёзги Олимпия ўйинларидаги биринчи медаль” – Армен Багдасаров; —“Ўзбекистоннинг энг ёш Олимпия ўйинлари чемпиони” – Улуғбек Рашитов; Кечанинг энг қизиқарли номинацияларидан 10 йилликлар кесимида Ўзбекистоннинг энг яхши спортчилари эълон қилинди. Мукофотларни ООК бош директори, Халқаро сузиш федерацияси (ФИНА) президенти Ҳусайн Ал Мусаллам ҳамда ООК вице-президенти Отабек Умаров топширди. Ғолиблар: 1.Миржалол Қосимов (1991-2001) 2.Aбдулло Тангриев (2001-2011) 3.Oксана Чусовитина (2011-2021). Жамшидбек Амиров