Халқаро саёҳатлар имкониятлари тобора кенгайиб бораётган бир даврда Ўзбекистон паспортининг нуфузи ҳам сезиларли даражада ортмоқда. Henley & Partners компанияси томонидан 2025 йил охирида эълон қилинган глобал паспортлар индексда мамлакатимиз 72 ўринни эгаллади.
Мазкур рейтинг IATA (Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси) маълумотлари асосида шакллантирилган бўлиб, унда паспорт эгалари визасиз ташриф буюриши мумкин бўлган давлатлар сони асосий мезон ҳисобланади. Ўзбекистон фуқаролари бугунги кунда 62 мамлакатга визасиз бориш имкониятига эга.
Мутаҳассисларнинг фикрича, бу кўрсаткич Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви, халқаро майдондаги фаол дипломатик алоқалари ва ташқи сиёсатдаги очиқлигининг натижасидир. Ўзбекистонликлар ҳозирги вақтда Туркия, Малайзия, Индонезия, Грузия, Қозоғистон, Арманистон каби давлатларга визасиз саёҳат қилиши мумкин.
Дунё бўйича энг кучли паспорт сифатида Сингапур ҳужжати қайд этилди — у билан 193 мамлакатга визасиз кириш ҳуқуқи мавжуд. Кейинги ўринларни Япония ва Жанубий Корея (190 давлат) ҳамда Германия ва Италия эгаллади.
Марказий Осиё бўйича Қозоғистон 71 поғонада жойлашиб, 63 давлатга визасиз кириш имкониятини тақдим этмоқда. Ўзбекистон (72 ўрин), Қирғизистон (71 ўрин), Тожикистон (78 ўрин) ва Туркманистон (84 ўрин) рейтингда ўз ўрнини олди. Бу эса минтақамамлакатлари учун халқаро дипломатик ҳамкорлик даражасини кўрсатиб бермоқда.
Рўйхатнинг энг охирги поғоналарида эса урушлардан зарар кўрган ва халқаро майдонда изоляцияда қолган давлатлар, жумладан, Афғонистон, Ироқ ва Сурия қайд этилган. Афғонистон паспорти энг заиф ҳужжат бўлиб, унинг эгалари атиги 27 мамлакатга визасиз ташриф буюриш имкониятига эга.


