Қозоғистон матбуоти 10 январ куни Чимкент диспетчерлари масъул бўлган ҳудудда иккита авиалайнернинг хавфли яқинлашуви содир бўлгани ҳақида ёзди.
Гап Внуково (Россия аэропорти) — Самарқанд рейсини амалга оширган “Победа” авиакомпаниясининг Boeing-737 ва Термиздан Москвага учган Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Airbus A320 самолётлари ҳақида кетмоқда.
Манбага кўра, бортлар орасидаги масофа шунчалик қисқа бўлганки, ҳар иккала самолётда ҳам TCAS (Traffic Collision Avoidance System — ҳаводаги тўқнашувларнинг олдини олиш тизими) ишга тушган. Хайриятики, тўқнашув содир бўлмаган.
«10 январ куни, тахминан соат 5:42 да (Остона вақти билан) Чимкент минтақавий маълумотлар марказининг A2I секторида Pobeda Airlines авиакомпаниясининг Внуково–Самарқанд йўналишидаги PBD997 рейси ва Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Термиз–Москва йўналишидаги UZB9609 рейси парвозлари пайтида авиация ҳодисаси юз берди», — дейилади Қозоғистон Транспорт вазирлиги хабарида.
Вазирлик мазкур ҳодисани жиддий авиация ҳодисаси сифатида таснифлаганини таъкидлади. Бундай ҳолатлар ваколатли орган томонидан мажбурий текширувдан ўтказилиши керак.
«Вазирлик жиддий авиация ҳодисасини текшириш учун комиссия тузмоқда. Комиссияни тайинлаш тўғрисидаги буйруқ чиқарилганидан бошлаб, тергов ҳисоботи тасдиқлангунига қадар бўлган тергов муддати одатда уч ойдан ошмайди, агар қўшимча тадқиқот ёки тергов талаб қилинмаса», — дейилади Қозоғистон Транспорт вазирлиги баёнотида.


