Нуфузли халқаро анжуман Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги, Тошкент молия институти ва “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси акциядорлик жамияти ҳамкорлигида ташкил қилиниб, унда халқаро суғурта ҳамжамияти, соҳанинг маҳаллий ва хорижий экспертлари ҳамда таҳлилчилари иштирок этди.

Анжуманда Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишда суғурта секторининг ролини ошириш, иқтисодиётнинг реал сектори, ташқи ва ички инвестициялар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни суғурта йўли билан ҳимоялашнинг халқаро тажрибасини ўрганиш ва муҳокама қилиш, фуқароларга кўрсатиладиган суғурта хизматларини ривожлантириш ва аҳолининг суғурта маданиятини ошириш, суғурта бозорини тартибга солишнинг пруденсиал нормаларини такомиллаштириш ҳамда суғурта фаолиятини рақамлаштириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасида соҳа экспертлари томонидан қимматли фикрлар билдирилди.

Конференциянинг ялпи йиғилишида сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикасида суғурта хизматлари бозори жадал суръатлар билан ривожланаётганлигини, хусусун, бугунги кунда 42 та суғурта компаниялари томонидан юридик ва жисмоний шахсларга 150 дан ортиқ суғурта хизматлари кўрсатилаётганлигини алоҳида қайд этдилар.
"Суғурта — бу жуда мураккаб хизмат, бу ҳақда истеъмолчида махсус билимларнинг етишмаслиги туфайли тўғри тушунчани шакллантириши жуда қийин. Ўз навбатида, суғурталовчи бу соҳада етарли даражада мутахассис ҳисобланади ва ушбу кўникмалари орқали истеъмолчига нисбатан ўзининг вазифасини суистеъмол қилиши мумкин. Суғурта хизматларининг хусусиятларидан бири эса бу суғурта мукофотларини тўлаш шартлари ва суғурталовчилар томонидан мажбуриятларни бажариш ўртасидаги жуда муҳим вақт оралиғи ҳисобланади. Шунинг учун суғурта ҳодисаси юз берганда суғурталовчи келажакда суғурта тўловларини қанчалик амалга ошириши мумкинлигини баҳолаши мижоз учун жуда қийин бўлиши мумкин.
Шундай қилиб, давлатнинг асосий вазифаларидан бири суғурталовчилар фаолиятининг ишончлилигини таъминлашдир.

Суғурта шартномалари юридик нуқтаи назардан жуда мураккаб ҳужжатлардир ва шунинг учун махсус маълумотсиз суғурта қилдирувчига уларнинг формулировкаларини тушуниш, суғурталовчи унга қандай хизматлар кўрсатишини, шартнома матни қонунчилик талабларига қай даражада жавоб беришини тушуниши осон эмас.
Шу муносабат билан, Ғарбий Европа мамлакатларида асосан жисмоний шахслар билан тузилган оммавий суғурта турлари бўйича суғурта шартномалари шартларини назорат қилиш юридик шахслар билан тузилган шартномалар шартларига қараганда анча қатъийроқ эканлигини таъкидлаш мумкин, чунки юридик шахслар зарур билимларга эга мутахассисларни жалб қилиши мумкин", — деди Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Ботир Усмоналиев.
Куннинг иккинчи ярмида конференциянинг 4 та йўналиш бўйича ташкил этилган секцияларида давом этган йиғилишларда давлатга тегишли йирик суғурта компанияларини трансформация қилиш, суғурта компаниялари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, суғурта бозори профессионал иштирокчилари фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш ва назорат қилишнинг халқаро стандартларини жорий қилиш, энг муҳими, суғурта маҳсулоти истеъмолчиларининг манфаатларини ишончли ҳимоясини таъминлаш борасида амалга оширилган қатор ижобий ишлар хусусида фикр алмашилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон иқтисодиётини жаҳон иқтисодиётига тобора интеграциялашуви, глобал хавф-хатарларнинг ошиб бориши, халқаро суғурта ҳамжамияти, соҳанинг экспертлари ва таҳлилчилари олдига ҳал этилиши долзарб аҳамиятга эга бўлган қатор вазифаларни илгари сураётганлиги ушбу халқаро анжуманда маъруза билан чиқиш қилган хорижлик олим ва мутахассислар томонидан алоҳида тилга олинди.
Конференция ишида 200 га яқин соҳа мутахассислари, экспертлар, таҳлилчилар, профессор-ўқитувчилар ҳамда илмий тадқиқотчилар иштирок этди. Жумладан, Полша, Туркия, Россия, Белоруссия, Қозоғистон ва Тожикистон каби давлатлардан олим ва мутахассисларнинг ўз маърузалари билан чиқишлари конференция қатнашчиларида чуқур таассурот қолдирди.


