Жорий йил 24–26-май кунлари Бухоро шаҳрида анъанавий “Central Asia – 2023: Фан, таълим, маданият ва бизнесда Интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” ХVI Халқаро конференцияси ва "Китоб ва мутолаа жамият тараққиётидаги стратегик ресурси" II Ҳамдўстлик форуми бўлиб ўтиши маълум қилинганди.
Бугун Абу Али ибн Сино Ахборот-кутубхона марказида ушбу тадбирлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда архивариуслар, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, шунингдек, ҳудудий ахборот-кутубхоналар раҳбарлари ва ходимлари, маҳаллий ОАВ вакиллари, хорижий соҳа мутасаддилари иштирок этди.
Матбуот анжуманида Озарбайжон Миллий кутубхонаси директори Керим Тахиров, Назарбоев университети кутубхонаси директори ўринбосари Пётр Лапо, Россия Миллий кутубхонаси бош директори Владимир Гронский сўзга чиқиб, Халқаро конференция ва Ҳамдўстлик форумининг ахборот-кутубхона, архив иши ҳамда нашриётлар фаолиятини янада ривожлантиришдаги аҳамияти, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишда ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришда зарурий майдон эканлигини таъкидлашди.
Анжуман доирасида Россия Миллий кутубхонаси ва Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро ахборот-кутубхона маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шунингдек, Россия миллий кутубхонаси фондида сақланаётган Бухоро амирлиги тарихига оид адабиётларнинг электрон версияси Бухоро АКМга совға қилинди ҳамда Халқаро конференция доирасида ушбу адабиётларнинг тақдимоти бўлиб ўтиши маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, эртага “Central Asia – 2023: Фан, таълим, маданият ва бизнесда Интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” ХVI Халқаро конференцияси эртага ўз ишини бошлайди.
Конференциянинг 1-иш кунида “Ахборот ва кутубхона аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.


