1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Ўзбекистонда барча метан заправкалар фаолиятига чеклов киритилмоқда

Энергетика вазирлиги ҳудудларда ҳаво ҳарорати пасайиши натижасида магистрал газ қувурларида босим камайиши ҳолатлари кузатилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистонда барча метан заправкалар фаолиятига чеклов киритилмоқда

Энергетика вазирлиги кескин совуқ шароитида аҳолини узлуксиз энергия таъминоти билан таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берди.

 

Вазирлик маълумотларига кўра, сўнгги кунларда мамлакат ҳудудига совуқ ҳаво оқими кириб келиши туфайли энергия ресурсларига бўлган талаб сезиларли даражада ошди. Кунлик табиий газ истеъмоли ўтган ҳафтага нисбатан 20 фоизга, электр энергияси истеъмоли эса 15 фоизга кўпайди.

 

Энергетика вазирлиги совуқ кунларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф этиш учун 1600 дан ортиқ кеча-кундуз ишлайдиган гуруҳ ташкил этилганини маълум қилди. Ушбу гуруҳлар зарур транспорт воситалари ва захира ускуналар билан таъминланган:

 

  • электр таъминоти компанияларига 877 та автотранспорт ва 450 та махсус техника;

 

  • газ таъминоти компанияларига 220 та автотранспорт, 259 та махсус техника ва 567 та пайвандлаш аппарати берилди.

 

Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини энергия билан таъминловчи иншоотлар 24 соатлик иш режимига ўтказилди. Ишларнинг бажарилиши устидан доимий назорат ўрнатилди. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш вақти ўтган йилга нисбатан 3−3,5 соатдан 1−1,5 соатга қисқартирилди, дейилади хабарда.

 

"Oлдинги йилларда генерация қуввати танқислиги туфайли мажбурий чекловлар киритилган бўлса, янги ишга туширилган қувватлар ҳисобига жорий йилда чекловлар киритилиши бартараф этилди", — деб таъкидлади вазирлик.

 

Табиий газга бўлган талабнинг кескин ошиши газ узатиш тизимининг максимал қувватда ишлашига, жумладан, ер ости омборларидан максимал кунлик газ олиш ва тармоққа узатилишига қарамай, газ қувурларидаги босимнинг пасайишига олиб келди, дейилади хабарда.

 

Энергетика вазирлиги аҳоли хонадонлари ва ижтимоий объектларни (тиббиёт, мактаб, мактабгача таълим, олий таълим муассасалари ва бошқалар) газ билан таъминлашни устувор вазифа сифатида белгилади. Шу боис ҳокимиятлар билан ҳамкорликда графиклар ишлаб чиқилди, унга кўра, истеъмоли юқори бўлган айрим ҳудудларда газ қуйиш шохобчалари фаолиятига вақтинчалик чекловлар жорий этилиши режалаштирилмоқда.

 

Таъкидланишича, ҳокимиятлар ушбу чекловлар ҳақида аҳолини ўз вақтида расмий саҳифалар орқали хабардор қилади.

 

Электр таъминоти билан боғлиқ саволлар учун 1154 қисқа рақамига ёки @HETadmin орқали Телеграмда мурожаат қилиш тавсия этилади. Газ таъминоти бўйича саволлар учун 1104 ва 104 рақамлари, шунингдек, @hududgazmurojaat_bot Телеграм боти мавжуд.

 

Вазирлик истеъмолчилардан «биринчи навбатда кўрилаётган чораларга тўғри муносабатда бўлишни» сўради ва уларни қуйидагиларга чақирди:

 

  • электр қурилмалари ва иситиш мосламаларига ниҳоятда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш;

 

  • ресурслардан имкон қадар самарали ва тежамкорлик билан фойдаланиш;

 

  • ностандарт, энергия самарасиз қурилмалардан фойдаланмаслик;

 

  • қурилмалардан фойдаланилмаётган вақтларда уларни тармоқдан ажратиб қўйиш;

 

  • ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан берилаётган тавсияларга қатъий риоя қилиш.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика