30 йиллик тажрибага эга таниқли немис мутахассиси Удо Нагел Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг таклифига биноан Ўзбекистонда бўлиб турибди.
Маълумот учун, У. Нагел 1992 йилдан 2022 йилга қадар Европадаги энг яхши ҳайвонот боғларидан бири – «Росток» ҳайвонот боғи директори сифатида фаолият юритган. «Росток» унинг раҳбарлиги даврида, яъни 2018 йилда ўз тоифаси бўйича Европанинг энг яхши ҳайвонот боғи деб тан олинган (1 миллион кишигача). Бундан ташқари, ҳайвонот боғи бир неча бор “Оилавий дам олиш учун энг яхши жой” сифат белгисини олган. «Росток» ҳайвонот боғида дунёнинг турли бурчакларидан 430 хил турдаги 4200 та ҳайвонлар яшайди.
Удо Нагел 2021 йил 20 сентябрда «Росток» университетининг фахрий профессори унвонини олган.
12 июль куни U.Nagel ва Экология вазирлиги вакиллари ўртасида учрашув ташкил этилди. Унда халқаро эксперт фаолияти тақдимоти ўтказилди, шунингдек, Тошкент шаҳар ҳайвонот боғига ташрифи якунлари муҳокама қилинди.
Ташриф доирасида, шунингдек, Фарғона ва Термиз шаҳар боғлари бошқарув тизими, хизмат кўрсатиш даражаси, инфратузилмасини ўрганиш, тавсия ва таклифлар ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги ПҚ-171-сон қарорига асосан Тошкент, Фарғона ва Термиз шаҳарлари ҳайвонот боғлари Ўзбекистон Республикаси Экология вазирлиги тасарруфига ўтказилган.
Шунингдек, ташриф давомида Бухоро ихтисослаштирилган «Жейрон» болалар боғчаси, «Зарафшон» миллий боғи, шунингдек, Тошкент вилоятидаги “Деэр Ҳиллс” масъулияти чекланган жамияти фаолияти ҳам ўрганилади.
Удо Нагелнинг Ўзбекистонга ташрифи 21 июлгача давом этади.


