1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Сиёсат

Президент элчиларни танқид қилди

Айни дақиқаларда Шавкат Мирзиёев раислигида пахтачилик соҳаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.

Президент элчиларни танқид қилди

 

Кластерлар фаолиятининг ҳуқуқий кафолатлари кучайтирилиши белгиланди

 

Аввало, ҳокимларга кластерларнинг ички иш фаолиятига аралашиш тақиқланади.

 

“Кластер ўзини иши билан шуғулланса, туманда саноат, иш ўринлари, экспорт ва даромад бўлади.

Буни тушунмаган ҳокимлар эса кластерларни кун давомида мажлисма-мажлис олиб юриш, бошқа ишларга жалб қилиш билан овора”,  — деди Президент.

 

Янги кластерларни ташкил этиш тартибига ҳам ўзгартириш киритилади.

 

Бундан буён битта туманда кўпи билан 2 та кластер ташкил этишга рухсат берилади (ҳозир – 3 тагача).

 

"Бизнинг элчиларда бундай ташаббус ҳали йўқ!”

 

Пахта хом ашёси ва ип-калавани қайта ишлашни тизимли ташкил этиш учун Бош вазир ўринбосари С.Умурзоқов бошчилигида Республика комиссияси тузилиши белгиланди.

 

Комиссиянинг асосий вазифаси юқорида айтиб ўтилган 9 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш режасини ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар, қолаверса, кластер кесимида белгилаш ва ижросини ташкил этиш ҳисобланади.

 

Кластерлар пахтадан ип-калавагача ишлаб чиқариш занжирини жорий этишга масъул бўлади.

 

Агар кластернинг ўзида хоҳиш бўлса, бемалол ўзи қайта ишлашни тўлиқ циклда амалга ошириши мумкин.

 

Бундан буён, алоҳида индустриал зоналар ташкил қилиниб, уларда тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчилар учун барча шароитлар яратиб берилади.

 

Комиссия элчилар ва кластерлар билан бирга бу индустриал зоналар бошқарувига чет эл компанияларини жалб қилиб, нуфузли брендларни олиб келади.

 

“Ўзбек пахтасига бойкот бекор қилинганидан сўнг, хорижий бренд ва йирик компаниялар маҳаллий корхоналар билан ҳамкорлик қилишга, миллий маҳсулотларимизга катта қизиқиш билдирмоқдалар.

Лекин, очиқ айтиш керак, тўқимачилик саноатини ташқи бозорларга олиб чиқиш, брендлар ва йирик корхоналарни жалб қилишда элчихоналар ишламаяпти.

Мисол учун, биздаги Туркия, Хитой, Германия каби бошқа давлатлар элчилари ўз мамлакати тадбиркорларининг манфаатини ҳимоя қилиш учун вазир, ҳоким, ҳатто корхонагача боришдан чарчамайди.

Лекин, бизнинг элчиларда бундай ташаббус ҳали йўқ!”, — деди Президент.

 

Шу муносабат билан йил якунига қадар:

 

— Испания, Германия ва Швеция, Буюк Британия, Франция, Италия, Польша, Япония, Туркия, АҚШдаги элчилар билан бирга 50 та хорижий брендларни юртимизга олиб келиш;

 

— халқаро кўргазмаларда камида 30 та ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчи маҳсулотини олиб чиқиб, 50 миллион доллардан буюртма олишни таъминлаш топширилди.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика