1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Сиёсат

Президент пенсия ва нафақаларни 1 майдан 12 фоизга ошириш тўғрисида фармонни имзолади

Шунингдек, 9-май арафасида уруш қатнашчилари, конслагерлар маҳбуслари ва Ленинград қамалида бўлган фуқароларга 15 миллион сўмдан берилади.

Президент пенсия ва нафақаларни 1 майдан 12 фоизга ошириш тўғрисида фармонни имзолади

 

1 майдан энг кам пенсия оладиган 725 минг нафар аҳолининг пенсияси хам 14 фоизга оширилади (440 минг сўмдан 500 минг сўмга).

Мутасаддиларга:

- ёлғиз яшаётган ва ўзгалар парваришига муҳтож одамлардан шахсан хабар олиб, уларга совға-саломларни етказиш;

- уруш қатнашчилари, концлагерлар маҳбуслари ва Ленинград қамалида бўлган фуқароларнинг ҳар бирининг хонадонига шахсан бориб, пул мукофоти ва қимматбаҳо совғаларни  тантанали равишда топшириш;

- 10 минг нафар фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар билан шахсан учрашиб, ҳолидан хабар олиш ва совға-саломлар етказиш топширилди.
 

Шунингдек:

-  35 мингга яқин парваришга муҳтож болаларнинг оналарига 500 минг сўм нафақа тўлаш жорий этилди;

- ишга қабул қилинган болаликдан ногирон ҳамда биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ойлигининг 2,5 миллион сўмгача қисми даромад солиғидан озод қилинди;

- иш берувчиларга улар томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси бюджетдан тўлиқ қайтариб берилмоқда;

- 900 мингга яқин аҳолига тўланадиган пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдори бир йўла 40 фоизга ёки 300 минг сўмдан 440 минг сўмгача оширилди;

- нафақа олувчи оилалар сони 2016 йилги 466 мингдан 2022 йилда 1 миллион 860 мингтага етказилди ёки 4 бараварга ошди;

- жорий йилнинг ўтган даврида “темир дафтар”, “ёшлар” ва “аёллар” дафтарлари, “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали 200 мингдан зиёд эҳтиёжманд аҳолига кўмак берилди.


Мамлакатимизда 3 миллиондан ортиқ ёки аҳолининг қарийб 9 фоизини нуронийлар ташкил этади.

Кексаларни моддий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиб, ҳар куни ғамхўрлик қилиш, эътиборни кучайтириш бўйича маҳалла даражасида тизим яратилади. Жумладан:

- 16 мингдан зиёд ўзгалар парваришига муҳтож ва ёлғиз яшовчи кексаларнинг ҳар йили санаторийларда даволаниши ташкил этилади;

- 25 минг нафар шароити оғир ва кам таъминланган кексаларнинг дори-дармонлари, протез-ортопедия мосламалари давлат томонидан олиб берилади, жарроҳлик амалиётларига харажатлари ҳам бюджетдан қоплаб берилади;

- нуронийлар учун стадион, теннис-корт, спорт заллари, бассейн каби спорт иншоотларига ойлик абонементининг 540 минг сўмгача қисми қоплаб берилади;

- кексаларнинг театр ва музейларга чипта олиш харажатлари ҳам тўлиқ қоплаб берилади.

Туризм вазирига вилоят ҳокимлари билан бирга 1 майдан бошлаб кекса авлод вакилларини зиёратгоҳлар, янги барпо этилган боғлар, маданият мажмуалари ва марказларига саёҳатларини бошлаш топширилди.


Йиғилишда кекса ёшдаги ҳамда эҳтиёжманд аҳолини моддий қўллаб-қувватлаш ишлари давом эттирилиши таъкидланди.

1 июндан бошлаб уруш қатнашчилари ва ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексаларга ҳар ойда озиқ-овқат ва гигиена воситалари хариди учун уларнинг пенсия ва нафақаларига 270 минг сўм миқдорида устама тайинланади. 

Бундан ташқари, уларга кийим-кечак хариди учун ҳар йили 4 миллион сўмдан компенсация тўлаш тартибини жорий этилади.

Бунга қўшимча равишда, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига маҳаллий бюджетлар, “дафтарлар” жамғармалари ва “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан бу савобли ишларнинг қамровини кенгайтириш топширилди.

Президент ногиронлиги бўлган эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш тизими янада кенгайтирилишини таъкидлади. Жумладан: 

- 1 майдан бошлаб ногиронлиги бўлган фуқароларни ишга олган корхоналарга 6 ой давомида ҳар бир бундай ходими учун 400 минг сўмдан субсидия берилади;

- ўзини ўзи банд қилган ва ҳунармандчилик билан шуғулланадиган ногиронлиги бўлган шахсларга асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилишга субсидия ажратилади, улар касб-ҳунарларга давлат ҳисобидан ўқитилади.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика