Президент Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси энергетика вазири Парвиз Шаҳбозовни қабул қилди.
Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон раҳбарига Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг самимий саломи ва илиқ тилакларини етказди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклиги ва иттифоқчилигини янада кенгайтириш, ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Барча даражалардаги алоқаларнинг фаол экани, товар айирбошлаш барқарор ўсаётгани ва энергетика соҳасидаги муваффақиятли ҳамкорлик алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, нефть ва газ соҳаси, геология-қидирув ишлари, «яшил» энергияни ривожлантириш ҳамда кимё саноатида қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.


