Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригини йўллади.
Давлат раҳбари табригида аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучлар фахрийлари ҳамда барча ватандошларни ушбу сана билан самимий муборакбод этди. Президент Ватан ҳимоясидек шарафли ва масъулиятли бурчни адо этиб келаётган ҳарбий хизматчиларнинг мамлакат мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашдаги беқиёс хизматларини алоҳида эътироф этди.
Шунингдек, Ватан олдидаги бурчини бажариш чоғида мардларча ҳалок бўлган қаҳрамонлар хотирасига чуқур ҳурмат бажо келтирилди.
Табрикда кейинги йилларда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида Қуролли Кучларнинг ҳарбий қудратини ошириш, бошқарув ва таъминот тизимини модернизация қилиш, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.
Президент геосиёсий вазият мураккаблашиб бораётган бугунги шароитда ҳарбий кадрлар тайёрлаш, жанговар ва маънавий салоҳиятни юксалтириш, илғор ахборот технологиялари ва сунъий интеллект асосидаги тизимларни жорий этиш устувор вазифа бўлиб қолишини таъкидлади.
Шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши билдирилди.
Табрик якунида Шавкат Мирзиёев барча Ватан ҳимоячиларига мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва хизмат фаолиятида улкан муваффақиятлар тилади.


