Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко тор доирада ҳамда икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказдилар.
Давлатимиз раҳбари учрашувни очар экан, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар сифат жиҳатидан янги, янада юқори босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади.
Беларусь Президентининг ушбу ташрифига тайёргарлик доирасида қатор тадбирлар, шу жумладан Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, ҳудудлар, ректорлар, тиббиёт ходимлари форумлари муваффақиятли ўтказилди.
Ҳукумат раҳбарлари, парламентлар, вазирлик ва ҳудудлар даражасидаги фаол алоқаларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Томонлар халқаро тузилмалар, шу жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, МДҲ, ШҲТ доирасидаги сиёсий мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга аҳдлашиб олдилар.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий суръати мамнуният билан қайд этилди. Ўтган йил якунларига кўра товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ошди.
Учрашувлар якунида қабул қилинган қарорлар ва имзоланган келишувларни амалга ошириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни тайёрлаш ва қабул қилиш бўйича келишувга эришилди.


