Халқ банки матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган “банк филиалида 2 миллион долларға яқин омонат пуллари талон-тарож қилинди” мазмундаги хабарлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Банк томонидан ўрганишлар натижасида таъкидланишича, мазкур пул миқдори ва уларнинг банк омонати эканлиги ҳақидаги маълумотлар тўлиқ ёки қисман ҳақиқатга мос келмайди.
Қашқадарё вилояти минтақавий марказининг бир ходими фуқароларнинг ишончидан фойдаланиб, алдов йўли билан уларнинг маблағларини олиб, шахсий эҳтиёжлари учун сарфлагани аниқланган. Шу билан бирга, мазкур пуллар фуқаролар томонидан банк хизматлари марказларида расмий омонат ҳисобварақига ёки омонат шартномаси асосида топширилмаган.
Банкнинг ички назорат органлари ҳолатни аниқлаб, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Ҳозирда терговгача суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ушбу ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.


