2021 йилнинг 23 ноябрь куни тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиалининг 2 босқич талабаси Лочинбек Эргашев Бухоро шаҳридаги ижарада яшаб келаётган уйнинг ҳаммомидан ўлик ҳолда топилди.
Бу ҳақда “Nasafnews”га хабар қилган 23 ёшли марҳум йигитнинг яқинлари уни ўлдириб кетишган деган гумонга бормоқда.
Маълум бўлишича, марҳум талаба Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани Қутчи қишлоғида истиқомат қилган.
Бухоро вилоятидаги институт филиалига ўқишга киргани учун Бухоро шаҳридаги уйларнинг бирида ижарада яшаб келган. Унинг вафотига ис газидан заҳарланиш сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
Марҳум 23 ноябрь куни ижарада яшаб келган хонадоннинг уйидаги ҳаммомдан ўлик ҳолда топилган.
Ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномада организмни ис газидан заҳарланиши ва нафас фаолияти етишмовчилиги ўлим сабаби қилиб кўрсатилган. Аммо марҳумнинг ота-онаси вафот этган ўғлининг жасадида жиддий тан жароҳатлари кўрганлигини айтишмоқда.
“Экспертиза натижасини 1 ойлаб кутдик. Натижада эса ис газидан заҳарланиш деб кўрсатишди. Аммо ўғлим вафот этган куни бизга ис газидан деб айтишмаганди. Қолаверса, ижарада яшаб келган уйнинг эгалари ҳам ўғлимни ис газидан заҳарланганини рад этишяпти. “Улар менга ўғлингни бирор касали бор эдими ёки бирортаси билан тортишиб қолганмиди” дейишди. ўғлимнинг ҳеч қандай касали йўқ. У ўз-ўзидан ҳаммомга кириб ўлиб қолишига ишонмайман”, – дейди марҳум йигитнинг отаси Ҳасан Турсунов.
Марҳумнинг тоғаси ва отасининг қўшимча қилишича, жасаднинг танасида жиддий тан жароҳатлари бўлган.
“Шу куни бизнинг ҳеч қандай рухсатимизсиз мурдани ёриб кўришган. Аниқ ташхисни билиш учун. Аммо бу бўйича мендан ҳам онасидан ҳам рухсат сўрашмади. Энг ёмони, ўғлимнинг жасадини ювган яқинларимиз унинг танасида жиддий тан жароҳатларини кўришган. Кўкрак қисми, орқа мия ва юз қисмида шилиниш ва кўкариш бўлган. Орқа мияси эса тешиб ташланган деб айтишди”, – дея қўшимча қилади йигитнинг отаси Ҳусан Турсунов.
Марҳумнинг онаси шундай дейди:
“Ҳеч қачон болам газдан ўлмаган. Чунки ҳамма бориб текшириб келди. Газ идорасини масъуллари ҳам газдан эмас деб айтишган. Бу ерда қандайдир жиноий иш бўлган”.
Бухоро вилояти прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Анвар Эсанов жиноят иши қўзғатиш рад этилганини маълум қилди ва марҳумнинг отасига бу борада тушунтириш берилганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанддаги хонадонларнинг бирида 2 кишининг жасади топилгани ҳамда шу вилоятда 11-синф ўқувчиси ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова


