Қирғизистон Президенти Садир Жапаров республиканинг учинчи йирик шаҳри – Жалолободнинг номини Манас деб ўзгартиришни назарда тутувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати маълум қилди.
Мазкур ҳужжат 10 сентябр куни Жўқорғи Кенгеш томонидан қабул қилинган. Қонуннинг асосий мақсади – миллий мафкурани мустаҳкамлаш, халқ қаҳрамони Манас номини абадийлаштириш ва уни мамлакатнинг рамзий қадриятларидан бирига айлантиришдир.
Қонун имзоланган кундан 10 кун ўтиб кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, Жалолобод шаҳри ҳокими Эрнисбек Ормокеев 3 сентябр куни шаҳар номини Манасга ўзгартириш ташаббуси билан чиққан ва депутатлар бу фикрни қўллаб-қувватлаган эди. Ҳокимнинг сўзларига кўра, “Жалолобод” атамаси илмий манбаларда ишончли изоҳга эга эмас ва асосан ривоятларга таянади.
Шундан сўнг Вазирлар Маҳкамаси қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди. Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ишлари бўйича давлат агентлиги ҳам бу ўзгариш ташаббусини шаҳарликлар мурожаати асосида маъқуллаган.


