Россия ва Украина учун Қора денгиз ўзига хос дунёга кириш эшиги бўлиб, унинг стратегик ва иқтисодий жиҳатдан муҳим ўринга эга.
Россия учун ҳам, Украина учун ҳам Қора денгиз ўзига хос дунёга кириш эшиги бўлиб, унинг стратегик ва иқтисодий аҳамияти жуда катта. Аммо бошқа давлатлар, биринчи навбатда Туркия, Болгария ва Руминиянинг ҳам Европа ва Осиё ўртасида жойлашган бу минтақада ўз манфаатлари бор. Бу манфаатлар қандай намоён бўлди ва Россия томонидан “дон битими”ни бекор қилиш уларга қандай таъсир қилди ?
Уруш шароитида Украина донини Қора денгиз портлари орқали жаҳон бозорига олиб чиқиш имконини берувчи “дон келишуви”дан Россия чиқиб кетганидан кейин Қора денгиз сувларида вазият кескинлашди. 19 июль куни Россия Мудофаа вазирлиги 20 июлдан бошлаб Қора денгиз бўйлаб Украина портларига сузиб кетаётган барча кемалар потенциал ҳарбий юк ташувчилар сифатида кўриб чиқилишини маълум қилди.
20 июль куни Украина Мудофаа вазирлиги ҳам худди шундай баёнот билан чиқди. 21 июлдан бошлаб Россиянинг Қора денгиздаги портларига, шунингдек, қўшиб олинган ҳудудлардаги портларга йўл олган барча кемалар Киев томонидан “барча хавф-хатарларни ҳисобга олган ҳолда” ҳарбий юк ташувчи сифатида кўриб чиқилади”, - дея таъкидлади Украина мудофаа вазирлиги.
Россия Қора денгизни ўзининг асл таъсир доираси деб ҳисоблади. Ҳатто Россия империяси мавжуд бўлган даврда ҳам, кейин Совет даврида ҳам бу денгизга ушбу давлатнинг жанубий қаноти деб қаралган. Ва бугунги кунда Қора денгизни Москва Ўрта ер денгизи, Яқин Шарқ, Шимолий Африка ва Жанубий Европага таъсир кўрсатиши мумкин бўлган таянч сифатида кўрмоқда. Бу, шунингдек, Россияга Сурия ёки Ливия каби фаол ҳарбий фаолият олиб бораётган узоқроқ давлатларга кириш имконини беради. Хусусан, Суриядаги Тартусда Россия аллақачон ўзининг ҳарбий-денгиз базасига эга.
Россия Федерацияси учун Қора денгиз флоти минтақадаги асосий ролни ўйнайди, унинг асосий денгиз базаси 1783 йилдан бери Севастополда жойлашган. 2014 йилда Россия Федерацияси томонидан аннекция қилинган Қрим яриморолидаги бу шаҳар Россия учун ниҳоятда муҳим. Ахир у ерда қишда ҳам ҳарбий мақсадларда фойдаланишга яроқли, музсиз, чуқур сувли денгиз порти мавжуд.
Халқаро қонунларга кўра, Россия Қора денгиз соҳилларининг атиги 10 фоизига эгалик қилади. Бироқ, минтақадаги таъсирининг кенгайиши туфайли, Москва ҳозирда қирғоқ чизиғининг учдан бир қисмини амалда назорат қилади. Қора денгиз Россия учун савдо сиёсати нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамиятга эга. Маҳаллий портлар орқали Москва дон, ўғит ва бошқа товарлар экспортининг катта қисмини амалга оширади. Қора денгиз орқали ўтадиган савдо йўли Россия учун тобора муҳим аҳамият касб этмоқда, чунки у Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларига қўшилмаган мамлакатларга товарларни етказиб бера олади.
Украина учун Қора денгиз портларининг тижорат аҳамияти ҳам ниҳоятда катта. Тинчлик даврида Украина экспортининг 50 фоиздан ортиғи мамлакатнинг энг йирик Қора денгиз порти - Одесса орқали ўтар эди.
Қора денгиз минтақаси дунёдаги энг катта “нон саватлари”дан бири ҳисобланади. Урушдан олдин Россия ва Украина биргаликда жаҳон кунгабоқар ёғи экспортининг 60 фоизини, буғдой экспортининг деярли 24 фоизини ва арпа экспортининг қарийб 19 фоизини ташкил қилган.
Россия ва Украинанинг Қора денгиздаги савдо кемалари учун қўшимча хавфлар ҳақидаги баёнотлари фонини таҳлил қилишда ушбу омилни ҳисобга олиш муҳимдир. Минтақадаги савдо юк ташиш интенсивлигининг пасайиши ҳар икки давлатга жиддий иқтисодий зарар келтиради. Гарчи уруш фонида Украина ўзининг экспорт йўналишларини диверсификация қилган бўлсада, бугунги кунда мамлакат ғалласининг атиги 40 фоизи Қора денгиз орқали экспорт қилинади, қолган қисми эса Европа Иттифоқи орқали.
Европа Иттифоқига келсак, Ғарб ва Шарқни боғлайдиган йўллар у учун ҳам тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Европа Иттифоқининг икки давлати - Руминия ва Болгария Қора денгизга чиқиш имкониятига эга. Брюссел Грузия ва Украина билан Европа ассоциация шартномасини имзолади. Европа Иттифоқи Қора денгизни Осиё ва Европа ўртасида юк ва энергия ташиш учун муҳим йўлак сифатида кўпроқ кўриб чиқмоқда.
Европа Россия нефти ва газидан борган сари мустақил бўлишга интилаётган бир пайтда, Кавказнинг ресурсларга бой давлатлари, айниқса, Озарбайжон, тобора кўпроқ биринчи ўринга чиқиб бормоқда. Боку нефть ва газни Грузия ва Туркия орқали Европага экспорт қилади. Ушбу Қора денгиз йўли шимолда Россияни ва жанубда Эронни четлаб ўтади ва шунинг учун икки давлатга нисбатан қаттиқ иқтисодий санкциялар қўйган европаликлар учун алоҳида стратегик аҳамиятга эга.
Озарбайжон энергия етказиб берувчиси сифатида Европа Иттифоқи учун тобора стратегик аҳамият касб этмоқда.
Ўз навбатида, НАТО Қора денгизда муҳим хавфсизлик манфаатларига эга. 1997 йилдан бошлаб Россиянинг Украинага қарши уруши бошлангунга қадар Шимолий Атлантика альянси ҳар йили ушбу сув ҳудудида кенг кўламли машқлар ўтказар эди. Бироқ, НАТОга аъзо бўлган учта давлатнинг ҳарбий-денгиз кучлари доимий равишда бу ерда мавжуд: Болгария, Руминия ва Туркия. Бу Туркиянинг Босфор ва Дарданел бўғозлари устидан тўлиқ суверенитетини кафолатлайдиган 1936 йилдаги Монтро конвенцияси билан боғлиқ – Қора денгиздан Ўртаер денгизига чиқишнинг ягона йўли. 2022 йил февраль ойида Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан сўнг Туркия бу бўғозларни нафақат Россия, балки барча ҳарбий кемалар учун ёпиб қўйди, бунинг натижасида Қора денгиздаги денгиз кучларининг мувозанати бугунги кунгача сақланиб қолди.
Шундай қилиб, Туркия ҳозирда асосий геостратегик позицияни эгаллаб турибди. Чунки у Қора денгизга чиқишни назорат қилади, бу халқаро шартномалар билан кафолатланади. Анқара НАТОнинг Қора денгиз минтақасидаги энг муҳим ҳамкори ва ўзини Марказий Осиё, Кавказ ва Яқин Шарқ ўртасидаги савдо маркази сифатида кўради.
Туркия минтақада НАТО олдида етакчи ролни эгаллашдан жуда манфаатдор. Айни пайтда Россия билан ҳам алоқалар Анқара учун алоҳида аҳамиятга эга. Анқарада ҳам, Москвада ҳам Қора денгиз устувор манфаатлар зонаси саналади ва Туркия Қора денгиз минтақасида ўнлаб йиллар давомида ривожланган кучлар мувозанати имкон қадар сақлаб қолиш ҳаракатида.


