1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Жаҳон

Қозоғистонда алкоголь савдосига чекловлар жорий эрилиши мумкин

Ҳозирда Қозоғистонда 429 та қишлоқ алкоголдан бутунлай воз кечган.

Қозоғистонда алкоголь савдосига чекловлар жорий эрилиши мумкин

 

Қозоғистонда алкоголь истеъмолини чеклаш ва унинг савдоси устидан назоратни кучайтириш масаласи кун тартибига чиқди. Мажлис депутати Магеррам Магеррамовнинг таъкидлашича, спиртли ичимликлар мамлакатда жиноятчиликнинг асосий омилларидан бири бўлиб қолмоқда ва бу ҳолат ҳар йили давлатнинг энг муҳим бойлиги — инсон салоҳиятининг йўқотилишига олиб келмоқда.

 

Tengrinews.kz хабарига кўра, депутат Ички ишлар вазирлиги маълумотларига таяниб, оғир жиноятларнинг катта қисми маст ҳолатда содир этилишини қайд этди. Хусусан, мамлакатда ҳар иккинчи қотиллик, ҳар учинчи зўрлаш ва безорилик, шунингдек, ҳар тўртинчи талончилик жинояти спиртли ичимлик таъсирида содир этилади. Йўл-транспорт ҳодисалари ва оилавий зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг ярмидан кўпи ҳам маст ҳолатда амалга оширилади.

 

Депутат оммавий ахборот воситаларида вояга етмаганларнинг маст ҳолда жамоат тартибини бузиши билан боғлиқ хабарлар мунтазам учраётганини ҳам алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, чакана савдо нуқталарининг ҳаддан ташқари кўплиги уларни тўлиқ назорат қилишни қийинлаштирмоқда ва бу ҳолат жиноятчилик хавфини оширмоқда.

 

Шу муносабат билан Қозоғистон Халқ партияси фракцияси жиноятчиликнинг олдини олишга ёндашувни ўзгартириш ва алкоголь бозорини қатъийроқ тартибга солишни таклиф қилмоқда. Хусусан, болалар боғчалари ва таълим муассасаларидан 100 метр масофада спиртли ичимликлар сотишни тақиқловчи аввалги нормани қайта тиклаш, шунингдек, алкоголь маҳсулотларини сотувчи чакана савдо шохобчалари сонини чеклаш таклиф этилди.

 

Депутат алкоголли ичимликларни мажбурий рақамли ёрлиқлашни жорий этиш ташаббусини ҳам илгари сурди. Унинг фикрича, бу ноқонуний савдони самарали мониторинг қилиш ва жиноятчиликнинг олдини олишда муҳим восита бўлиши мумкин.

 

Бундан ташқари, алкоголь маҳсулотларини фақат махсус белгиланган жойларда сотиш, бошқа ҳудудларда савдони тақиқлаш, чакана дўконларда соат 20:00 дан кейин, кафе ва ресторанларда эса 22:00 дан кейин спиртли ичимликлар савдосини тўхтатиш ҳамда онлайн алкоголь савдосини тўлиқ тақиқлаш таклиф қилинди.

 

Қайд этилишича, Қозоғистонда ҳозирда 429 та қишлоқ алкоголдан бутунлай воз кечган. Хусусан, Ақтобе вилоятида 33 та, Қизилўрда вилоятида 18 та қишлоқ ҳушёр турмуш тарзини танлаган. Атйрау вилоятининг 53 та қишлоғида эса алкоголь савдоси тақиқланган бўлиб, сўнгги икки йил ичида бу ҳудудларда бирорта ҳам ҳуқуқбузарлик қайд этилмаган. Мазкур тажрибани бутун минтақа бўйлаб кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика