Санкт-Петербург полицияси Х5 Retail Group тармоғидаги "Пятерочка" ва "Перекресток" дўконлари ҳамда тарқатиш марказида рейдлар ўтказди. Текширувлар давомида жами 1 414 полиция ходими жалб қилиниб, 139 чакана савдо нуқтаси ва Москва шоссесидаги логистика маркази текширилган. Бу ҳақда Тсарград нашри хабар берди.
Натижада, жами 570 нафар мигрант ишчи текширилиб, уларнинг 400 га яқин қисми полиция бўлимларига олиб кетилган. Кўпчилик мигрантлар рўйхатдан ўтмаган ёки иш рухсатномалари муддати ўтганлиги аниқланган.
Рейдда, тарқатиш марказидаги 87 та транспорт воситаси ва 380 нафар чет эл фуқароси текширилган. 95 киши полиция бўлимларига хабар қилиниб, маъмурий баённомалар тузилган. Аксарият ҳолатлар Россияда бўлиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ бўлиб, айрим мигрантлар иш рухсатномаларисиз ишлаётгани маълум бўлган.
Шунингдек, текширувлар давомида CityMall савдо марказида хавфсизлик ходимлари ва харидор ўртасида жанжал содир бўлиб, 24 ёшли йигит бўғиб қўйилиши натижасида вафот этган. Дастлаб эҳтиётсизликдан ўлим деб баҳоланган воқеа, кейинчалик “бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган қотиллик” сифатида қайта таснифланди. Шу воқеа ортидан бир неча хусусий қўриқчи ҳибсга олинди ва уларга қарши жиноий иш қўзғатилди.


