Украина президенти Владимир Зеленский, Россия томонида камида 155 нафар Хитой фуқароси Украина ҳудудида урушаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, уларда бу жангчиларнинг фамилиялари ва паспорт маълумотлари мавжуд. "Биз бу борада маълумот тўплаяпмиз, уларнинг сони бундан янада кўпроқ бўлиши мумкин," — деди Зеленский.
Президентнинг айтишича, Россия Хитой фуқароларини ТикТок ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали урушга жалб қилмоқда. Бу реклама материаллари Хитой интернет тармоқларида очиқ тарзда тарқатилмоқда ва Пекин расмийлари бу ҳолат ҳақида хабардор.
Зеленскийга кўра, Хитой фуқаролари Россияга етиб боргач, 3-4 кунлик тиббий кўрикдан ўтадилар, сўнгра 1-2 ойлик ўқув марказларига юборилади. Улар "Мир" тўлов карталарини олишади ва бу орқали ўзларининг молиявий ишларини амалга оширадилар.


