Россиянинг Иркутск вилоятида ўқитувчилар, тарбиячилар ва маданият муассасалари ходимларининг мукофот пуллари Украинага қарши уруш эҳтиёжлари учун сарфланмоқда. Бу ҳақида The Moscow Times нашри ёзмоқда.
Қайд этилишича, октябрь ойи охирида конференция бўлиб ўтган ва унда вилоят мутасаддилари рағбатлантирувчи тўловларнинг бир қисмини ушлаб қолишларини маълум қилган.
“Улар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун пул етарли эмаслигини, хавфсизлик ёстиқчалари йўқлигини, ҳаммаси сарфланганини айтишди”, деди нашр суҳбатдоши.
Рағбатлантириш тўловлари ҳар бир ходим учун алоҳида ҳисоблаб чиқилади ва 10 дан 40 минг рублгача бўлиши мумкин. Нашр суҳбатдоши аниқлик киритишича, тўловлар йил охирида уч ойга бўлинган.


