Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги 50-умумтаълим мактаби директори ўқувчини калтаклагани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Ҳолат бўйича Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий изоҳ берди.
Маълум бўлишича, 2025 йил 17 март куни 8-«А» синф ўқувчиси Sh.I. биология дарсида синфдоши билан гаплашиб, тартибга риоя қилмагани сабабли ўқитувчи K.O. томонидан унга танбеҳ берилган. Бироқ ўқувчи бундан хулоса чиқармай, ўқитувчини ҳақорат қилган ва натижада ўқитувчи билан ўқувчи ўртасида жанжал юзага келган.
Бу ҳолатни бошқа ўқувчилардан бири мактаб директорига етказган. Директор синфхонага кирганида Sh.I. ўқитувчи K.O.ning ёқасидан ушлаб турганини кўриб, уларни ажратишга ҳаракат қилган ва жаҳл устида ўқувчининг юзига тарсаки туширган. Бу ҳақда директор ўз тушунтириш хатида ёзган.
Ҳозирда ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганилмоқда.


