Дунёдаги геосиёсий вазият ва санкциялар сиёсати ортидан дунёда электромобиллар нархи қимматлашди. Бу ҳақда автомобиллар тўғрисидаги Edmunds нашри маълум қилди.
Электромобиллар аккумуляторининг асосий компоненти бўлган никель нархи жаҳон бозорида уч баробарга қимматлашган. Дунёда ушбу металл ишлаб чиқариш бўйича учинчи ўринда турадиган Россияга қарши санкциялар етказиб беришда катта муаммоларни вужудга келтирган.
Февраль охирида никелнинг тоннаси 30 минг долларни ташкил этган бўлса, мартнинг бошида унинг қиймати 100 минг доллардан ошди. Лондон металлар биржасида ҳатто никель савдоси тўхтатиб қўйилди.
Edmunds’нинг ёзишича, электрон автомобилларнинг нархи ўртача 1500-2000 долларга қимматлаган. Хусусан, Tesla’нинг баҳоси 5-10 фоизга кўтарилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ЖСТ санкциялар ортидан энг қашшоқ давлатларда очлик билан боғлиқ исёнлар содир бўлиши хавфидан огоҳлантирганди.


