Ўзбекистон элчиси Нодиржон Тургунов Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирининг консуллик масалалари бўйича ўринбосари Али ал-Юсуф билан учрашув ўтказди.
Унда икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлашувларни ўтказиш ва Ўзбекистон фуқароларини виза талабларидан озод қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Али ал-Юсуф Ўзбекистоннинг минтақада илғор ривожланиб бораётганини ва бир қатор йирик тадбирларга мезбонлик қилаётганини эътироф этди. Хусусан, жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳрида "Марказий Осиё — Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи йиғилиши юқори даражада бўлиб ўтгани таъкидланди. Шунингдек, шу йил март ойида Ар-Риёз шаҳрида икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси ҳам муваффақиятли ўтгани қайд этилди.


