Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси ялпи мажлисида нутқ сўзлади. Давлат раҳбари глобал ҳамда минтақавий масалалар, шунингдек, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида батафсил тўхталди.
Президент ўз нутқида дунёда урушлар, қарма-қаршиликлар ва тенгсизликлар кучайиб бораётганини таъкидлади. У БМТнинг глобал муаммоларни ҳал этишдаги асосий минбар сифатидаги ролини мустахкамлаш зарурлигини қайд этди ҳамда Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш ва кенгайтириш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Давлат раҳбари Марказий Осиёда барқарорлик ва ҳамкорликни таъминлаш борасидаги натижаларга алоҳида эътибор қаратди. Сўнгги йилларда минтақада савдо ҳажми ва инвестициялар 5 баробар ортгани, қўшма ишлаб чиқариш зоналари ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилаётгани таъкидланди.
“8 йил аввал биз ушбу юксак минбардан туриб, Марказий Осиёни тинчлик ва ҳамкорлик маконига айлантириш қароримизни эълон қилган эдик. Бугун эса фахр билан айтиш мумкинки, бу мақсадга эришдик. Эндиликда ёпиқ чегаралар ва ҳал этилмаган низолар даври ортда қолди”, — деди Президент.
Нутқда, шунингдек, Афғонистонни халқаро жараёнлардан четда қолдирмаслик, у орқали транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш лозимлиги билдирилди. Давлат раҳбари Ғазо секторидаги гуманитар инқироз ҳамда Украинанинг вазиятини тинч йўл билан ҳал этиш зарурлигига урғу берди.
Президент иқлим ўзгариши ва сув ресурслари танқислигини инсоният учун энг жиддий таҳдид сифатида қайд этди. Оролбўйида 2 миллион гектар майдонга кўчат экилгани, 2030-йилга қадар ҳудуднинг 80 фоизи яшил қопламага эга бўлиши режалаштирилгани маълум қилинди. Шу билан бирга, Ўзбекистон “Сувни тежаш бўйича Бутунжахон форуми”ни ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
Давлат раҳбари рақамли тенгсизликнинг олдини олиш, сунъий интеллект технологияларини очиқ ва адолатли алмашиш механизмини яратиш зарурлигини қайд этди. Шунингдек, “Жаҳон ёшларининг тинчлик ҳаракати”ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифини билдирди.


