1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Шавкат Мирзиёев ШҲТ мажлисида иштирок этди

Ўзбекистон етакчиси ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича аниқ таклифларни илгари сурди.

Шавкат Мирзиёев ШҲТ мажлисида иштирок этди

 

Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг таклифига биноан 4 июль куни ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклидаги навбатдаги мажлисида иштирок этди.

 

Ҳиндистон томонининг раислигида ўтган тадбирда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф, Россия президенти Владимир Путин, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Чжан Мин ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев ҳам қатнашди.

 

Шунингдек, кузатувчи мамлакатлар раҳбарлари ва фахрий меҳмонлар сифатида саммитда Эрон президенти Иброҳим Раисий, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Мўғулистон президенти Хурэлсух Ухнаагийн, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳамда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

 

Кун тартибига мувофиқ, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди, кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

 

Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида халқаро муносабатлар тизимида рўй бераётган туб ўзгаришлар – геосиёсий кескинлик кучайиб, зиддиятлар авж олаётгани, глобал барқарорлик ва изчил тараққиётга хавф солаётган янги хатар ва таҳдидлар пайдо бўлаётгани, экология, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги соҳасидаги хавфлар ортиб бораётганини қайд этди.

 

«Шу муносабат билан конструктив ва ишончга асосланган мулоқотни йўлга қўйишга кучли эҳтиёж борлиги яққол кўриниб турибди», – деди Шавкат Мирзиёев.

 

Ўзбекистон низо ва зиддиятларни ҳал қилиш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган ечимларни излаш ва муросали қарорларни қабул қилишда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг марказий ўрнига нисбатан принципиал позицияга риоя қилиши таъкидланди.

 

ШҲТ фаолияти тўғрисида сўз юритар экан, Ўзбекистон Президенти ушбу ташкилот муваффақияти унинг асосий тамойилларига қатъий риоя этишга асосланганлигига эътибор қаратди. 

 

«Энг муҳими, бизнинг ҳамкорлигимиз турли манфаатлар, ёндашувлар, қарашлар ва маданий тафовутларни ўзаро ҳурмат қилиш ва конструктив идрок этишга суянади», – деди давлат раҳбари.

 

Саммитнинг кун тартибидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Президенти ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича аниқ таклифларни баён қилди. Хусусан:

 

  • кўп томонлама сиёсий ҳужжат — ШҲТнинг яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодексини ишлаб чиқиш;
  • инновацион тараққиёт, рақамлаштириш ва роботлаштириш, сунъий интеллект, биотехнология, фармацевтика ва келажак саноатининг бошқа тармоқларини қамраб оладиган ШҲТнинг янги иқтисодий мулоқоти дастурини қабул қилиш;
  • Ўзбекистонда ШҲТга аъзо давлатлар ҳудудларининг инновацион шериклиги ҳафталигини ҳамда юқори теҳнологиялар қўшма кўргазмасини ўтказиш;
  • ШҲТ давлатларининг транспорт ўзаро боғлиқлигининг ягона харитасини ишлаб чиқиш;
  • келгуси йилни ШҲТ маконида Экология йили деб эълон қилиниш ҳамда «Яшил камар» дастури доирасида минтақавий экологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва «яшил» технологияларни жорий этиш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини тайёрлаш;

 

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро университети негизида шу йилнинг октябрь ойида Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош ассамблеясининг юбилей сессияси доирасида ШҲТ туризм индустриясини ривожлантириш бўйича қўшма илмий-амалий конференция ўтказишга тайёрлигини билдирди.

 

Шунингдек, авлат раҳбари ШҲТнинг бой маданий-гуманитар салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсадида ўзаро мувофиқлашган сиёсатни амалга оширишнинг долзарб аҳамиятига алоҳида тўхталди. Шу муносабат билан интенсив маданий алмашинувнинг йиллик тақвимини шакллантиришни амалиётга жорий этиш ҳамда «ШҲТ - келажакнинг ижодий ғоялари ва ташаббуслари макони» ёшлар алмашинувини кенгайтириш бўйича Тадбирлар дастурини тайёрлаш таклиф қилинди.

 

ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси фаолиятини фаоллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларни қайд этиб, Ўзбекистон Президенти тузилма кенгашининг сайёр йиғилишлари амалиётини давом эттиришни қўллаб-қувватлади, бу тузилманинг замонавий таҳдидларга тезкор жавоб бериш масалаларида ваколатларини оширишга имкон беришини таъкидлади.

 

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев яна бир муҳим масала - Афғонистонда сақланиб қолаётган мураккаб вазиятга тўхталиб ўтилди.

 

«Президентимиз Афғонистоннинг бевосита қўшнилари бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатлари узоқ муддатли сиёсий ечимни топишдан барчадан кўра манфаатдор эканини таъкидлади. Шу муносабат билан ’ШҲТ – Афғонистон‘ алоқа гуруҳи форматида қўшма фаолиятни ва маслаҳатлашувларни қайта тиклаш таклиф қилинди», — дейилади хабарда.

 

Тадбир якунида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари қуйидаги ҳужжатларни имзоладилар:

 

  • ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг Нью-Деҳли декларацияси;
  • 2030 йилга қадар ШҲТ минтақасида иқтисодий ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида қарор;
  • Эрон Ислом Республикасини ШҲТ аъзолигига қабул қилиш тартиботини якунлаш ва унга ШҲТга аъзо давлат мақомини бериш тўғрисида қарор;
  • Беларусь Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш учун мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумни имзолаш ҳақида қарор.

 

Бундан ташқари, иқтисодий ҳамкорлик ва рақамли трансформацияни янада ривожлантириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга қаратилган 10 та ҳужжат қабул қилинди.

 

Шу билан ШҲТга раислик Қозоғистонга ўтди.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика