Бугун, 5 июнь куни Шимолий Корея Япон денгизи томон саккизта қисқа масофали баллистик ракета учирди. Бу ҳақда Жанубий Корея ҳарбийларига таяниб, “Yonhap” агентлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, ракеталар маҳаллий вақт билан соат 09:08 да Пхеньян яқинидаги Сунан аэропорти ҳудудидан ва бошқа жойлардан учирилган. Уларнинг қаерга тушгани ҳозирча номаълум.
Япония мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, снарядлар 300–400 км масофагача учиб, 50–100 км баландликка кўтарилган. Ракеталар учирилиши муносабати билан Токио Пхеньянга норозилик билдиришномасини юборган.
Эслатиб ўтамиз, бу жорий йил бошидан бери амалга оширилган 18-ракета синови ҳисобланади. Охирги марта Шимолий Корея 25 май куни учта баллистик ракета учирганди. Уларнинг биттаси қитъалараро ракета бўлган.
Жавоҳирбек ТУРСУНОВ


