Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида стадионга бошқариб туширилган ва одамлар устига ҳайдалган Captiva аукцион орқали 100 миллион сўмга сотилди. Сотувдан тушган маблағ давлат даромадига ўтказилди.
2024 йил 29 май куни маст ҳолдаги ҳайдовчи ўзининг Captiva автомашинасини Сайхунободдаги стадионга ҳайдаб тушган ва атрофдагилар ҳаётига хавф солган. У машинани одамлар устига йўналтирган ва натижада икки кишига зарар етказган. Воқеа жойидан қочиб кетган ҳайдовчи кейинчалик қўлга олиниб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) бўйича иш очилган.
Суд қарорига кўра, ҳайдовчига 4 йил 6 ой озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Жиноятда ишлатилган автомобиль эса давлат фойдасига мусодара қилиниб, бюронинг Сайхунобод туман бўлими томонидан аукцион савдосига чиқарилди.
2025 йил 3 март куни бўлиб ўтган савдода Captiva 100 миллион 567 минг сўмга сотилди ва маблағ давлат ғазнасига йўналтирилди.
Айбланувчи суд жараёнида ўз хатти-ҳаракатидан афсусланишини билдириб, шундай деган: "Иккинчи айланган вақтимда машинамнинг бурчаги бир болага тегиб кетди. Кейин шунча воқеа бўлди, таваккал дедимда, стадион дарвозасига қараб ҳайдадим. Ўша орада машинани тошбўрон қилишди. Кейин тўғри чиқиб, уйимга кетдим. Ҳаммадан узр сўрайман, тавба қилдим. Энди умуман одам йиғилган жойга, тўйга ҳам бормайман, ваъда бераман. Охирги имконият беришингизни сўрайман."
Суд жараёнида жабрланувчилар ҳайдовчига эътирози йўқлигини билдирган бўлсада, унинг воқеа жойидан қочиб кетгани оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланган ва унга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.


