Ижтимоий тармоқларда бугун, 22 октябрь куни соат 04:55 да Сирдарё вилояти Малик аҳоли пунктидаги Мудофаа вазирлиги омборида якка тартибда портлаш содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Аниқланишича, Сирдарё вилояти Сирдарё тумани Малик СИУда юз берган портлаш ҳақида соат 05:01 да туман тез тиббий ёрдам бўлимига хабар келиб тушган.
Шундан сўнг ушбу ҳодиса натижасида шикастланган 16 нафар беморнинг 12 нафари Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Барча жароҳат олганларга зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатилган.
"Хусусан, 5 нафар фуқаро Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимида, 7 нафар беморга эса амбулатор ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 4 нафар бемор Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Сирдарё филиалида стационар кузатувга олинди", дейилади вазирлик хабарида.
Жабрланганлар орасида жиддий жароҳат олган ва оғир аҳволдаги беморлар йўқ.
Айни пайтда РШТЁИМ ва унинг Сирдарё филиалидан малакали шифокорлар Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасига сафарбар қилинди, вазирлик ушбу беморлар ҳолатини ўз назоратига олгани айтилмоқда.


