Сурияда шиаларга мансуб Имом Али ибн Абу Толиб масжидида содир бўлган портлашдан сўнг мамлакатнинг қирғоқбўйи ҳудудларида яшовчи алавийлар оммавий норозилик намойишларини ўтказди. ОАВ хабарларига кўра, намойишлар Латакия, Жабла, Банияс, Тартус ва Кардаҳа шаҳарларида бўлиб ўтган.
Норозилик акцияларида иштирок этган минглаб одамлар алавийларга нисбатан хавфсизлик кафолатларини кучайтириш, шунингдек, ўзини ўзи бошқариш ваколатларини кенгайтиришни талаб қилган. Намойишлар Ҳомс шаҳридаги масжидда жума намози вақтида содир бўлган портлашдан икки кун ўтиб бошланган.
Латакия ва Тартус шаҳарларида норозилик билдирувчилар билан қарши намойишчилар ўртасида тўқнашувлар юз берган. Маҳаллий соғлиқни сақлаш идораларига кўра, воқеалар оқибатида камида уч киши ҳалок бўлган, 60 га яқин инсон жароҳат олган. Қурбонлар орасида хавфсизлик кучлари ходими ҳам бор.
Расмийларга кўра, тартибни тиклаш мақсадида хавфсизлик кучлари ҳудудга жалб этилган, айрим жойларда майдонлар ёпилган. Ҳукумат вакиллари Ҳомсдаги портлашни қоралаб, айбдорлар жавобгарликка тортилишини билдирган, бироқ ҳозирча гумонланувчилар ҳақида расмий маълумот берилмаган.


