Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, юқори рейтингга эга тадбиркорлар рағбатлантирилади. Бунда рейтинги паст корхоналарга нисбатан жазо чоралари қўллаш назарда тутилмаган.
Агар тадбиркор “ААА” тоифадаги рейтингга эга бўлса:
— солиқ органлари томонидан текширишлар ўтказилмайди;
— ҚҚСдан ҳосил бўлган солиқ суммаси бир кунда қайтарилади (амалдаги муддат 7 кундан 30 кунгача);
— ҚҚСдан бошқа солиқ турлари бўйича ҳосил бўлган ортиқча солиқлар суммалари уч кунда қайтариб бериш (амалда 10 кундан 15 кунгача) юзасидан қўшимча преференциялар берилади.
Яна бир рағбатлантириш — солиқ ва божхона органларида товарларни импорт қилишда вақтида тўланган солиқларни ҳисобга олиш тизими жорий қилинмоқда.
Бунгача бу фақат йирик солиқ тўловчилар ҳамда 20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис дастури доираси сертификат олган корхоналар учун амал қилар эди.
Энди рейтинги юқори бўлган тадбиркорлик субъектларига ҳам мазкур тартиб татбиқ этилади.
Рейтингнинг асосий мақсади – тадбиркорларни ихтиёрий равишда қонунчиликда белгиланган меъёрлар бўйича мажбуриятларни ўз вақтида бажаришига ундашдир.


