Шу кунларда Корея Республикасида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагидаги фуқаролар учун Тошкентда EPS-Topik тест имтиҳонлари ташкил этилган.
Тест имтиҳонларини адолатли ўтказиш учун Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати билан ҳамкорликда барча техник ва ташкилий чоралар кўрилган.
Хусусан, Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан тест ўтказиш учун махсус планшетлар келтирилган бўлиб, ушбу планшетдаги тест саволлари иштирокчи қиёфаси автоматик тарзда аниқлангандан кейин очилиши (Face ID) тизими ҳам жорий этилган.
Шунга қарамай, бугунги кунга қадар бошқа фуқаро ўрнига тестга кириш ва тестда қўшимча воситалардан фойдаланишга уриниш билан боғлиқ 23 та ҳолат аниқланган.
Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати талабларига мувофиқ, тест имтиҳони қоидаларини бузган фуқаро 3 йил давомида ушбу имтиҳонда қатнашиш имкониятидан маҳрум бўлади ҳамда қонунчиликда белгиланган жавобгарликка тортилиши қайд этилди.
“Шу муносабат билан, фуқароларни имтиҳон жараёнида барча тартиб-қоидаларга риоя қилишга чақирамиз”, дейилади хабарда.


