Олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлардан апеллация аризаларини қабул қилиш бошланди, дея хабар бермоқда Давлат тест маркази ахборот хизмати.
Апеллация аризалари my.dtm.uz сайти орқали (абитуриентнинг шахсий кабинетида) онлайн тарзда қабул қилинмоқда ва 6 сентябрга қадар (10 кун) давом этади.
Абитуриент апеллация шикояти бериши учун тест синовида иштирок этган ва тест синовидан четлатилмаган бўлиши лозим.
Апеллация аризасини берган абитуриентга уни кўриб чиқиш санаси ва вақти кўрсатилган хабарнома берилади.
Абитуриент хабарномада белгиланган вақтда шахсини тасдиқловчи ҳужжат, хабарнома ва абитуриент рухсатномаси билан Давлат тест марказига келиши керак. Апеллация шикоятларини кўриб чиқиш 2022 йил 7 сентябрдан бошланади.


