1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Тўғноғич, қум, чириган олма... Ўқувчиларга берилган егуликлар ичидан "антиқа" нарсалар чиқмоқда

Ҳолат Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида содир бўлган.

Тўғноғич, қум, чириган олма... Ўқувчиларга берилган егуликлар ичидан "антиқа" нарсалар чиқмоқда

 

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидаги 41-мактабда бошланғич синф ўқувчиларига берилган ширинликнинг ичидан қум чиқди. Ижтимоий тармоқларда мактаб ўқитувчиси Багдагул Бекбосинованинг мурожаати тарқалди. 

 

Унинг сўзларига кўра, Қорақалпоғистон ва Хоразмда бошланғич синф ўқувчиларига берилаётган бепул егуликларнинг сифати жудаям қониқарсиз.

 

“Шу кунгача берилган маҳсулотлар бўйича қатор камчиликларни мактаб раҳбариятига айтиб келганман. Олмалари ювилмаган, чириган... Кекс ичидан қизлар сочига тақадиган “невидимка”, ун қопини тикадиган ип чиққан кунлар ҳам бўлган. Лекин 7 апрел 2023 йил 2-“б” синф ўқувчимнинг конфетидан қум аралаш тупроқ чиқди. Қиз бечора ярмини еган. Конфет ўралган коғозини кўздан ўтказсам, ишлаб чиқарувчи ҳақида ҳеч нима ёзилмаган.

Бундай маҳсулотларни бериб, болаларнинг соғлигига зарар етказиб, берганидан бермагани яхши эмасми?

Келажагимиз бўлган болалар соғлиги барча учун муҳим.

Тегишли жавобгар шахсларни бундай сифатсиз маҳсулотни олиб келиб болаларга тарқатгани учун жавоб беришини сўраб қоламан. Ҳар бир ўқувчи учун кунига неча сўм сарфланади? Берилаётган маҳсулотлар шу пулга арзийдими?” — дейди муаллима 8 апрел куни ижтимоий тармоқда эълон қилинган мурожаатида. 

 

Мурожаатга чириган олманинг расми, шунингдек, егуликлар ичидан сочга тақиладиган тўғноғич ва қум чиққани акс этган сурат ва видеолар илова қилинган.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги 10 апрел куни воқеа юзасидан расмий муносабат билдирди

 

Унга кўра, ҳолат бўйича Хўжайли тумани ХТБ томонидан ўрганиш ишлари ўтказилган. Бу тумандаги 41-мактабда 961 нафар ўқувчи ўқийди, шундан 388 нафари – бошланғич синф ўқувчилари. Уларга озиқ-овқат маҳсулотларини 2022 йил 10 октябрдан бери “Bekbergen Servis Orayi” МЧЖ етказиб бермоқда.

 

Ўрганишда аниқланишича, ушбу корхона томонидан 2023 йил 7 апрел куни 41-мактабдаги 388 нафар бошланғич синф ўқувчиси учун тасдиқланган таомнома (меню) асосида ёнғоқли кекс, “СТЕЛ” шоколади, олма, ширин чой етказиб берилган. Келтирилган егуликлар соат 9:45 да махсус комиссиянинг 5 нафар аъзоси томонидан қабул қилиб олинган.

 

Расмий ахборотга кўра, шу куни 2-“б” синф ўқувчиларига берилган “СТЕЛ” шоколадидан қум чиққан ва синф раҳбари Б.Бекбосинова ҳолат бўйича мактаб раҳбариятига видео хабар орқали мурожаат қилган. Мактаб раҳбарияти бу ҳақда етказиб берувчи кейтеринг корхонасига маълумот берган.

 

“Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли тартибда чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, қўшимча ўрганиш ишлари амалга оширилишини, амалга оширилган ишлар натижаси ҳақида қўшимча маълумот берилишини маълум қиламиз”, — дейилади ҚҚР ХТВ баёнотида.

 

Таъкидланишича, ювилмаган олма билан боғлиқ ҳолат аввалроқ, шу йилнинг 7 феврал куни рўй берган. Бу бўйича кейтеринг корхонасига ва мактабдаги қабул қилиб олувчи комиссия аъзоларига ХТБ томонидан огоҳлантириш берилган.

 

Вазирликнинг қўшимча қилишича, Хўжайли тумани ХТБга қарашли умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган 8670 нафар бошланғич синф ўқувчиларига 3 та кейтиринг корхонаси томонидан ҳар куни меню асосида озиқ-овқат маҳсулотлари бериб келинмоқда. Булар – “Таббасум Нукус”, “Бекберген Сервис Орайы”, “Аллиансе Арал–с” корхоналаридир.

 

Расмий ахборотда тўғнағич масаласига изоҳ берилмаган.

 

Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистонда бу каби нохуш ҳолатлар биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Аввал Тўрткўл, Беруний, Кегейли туманларида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар аниқланганди.

 

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика