Осиё кубоги-2023 турнирида чоракфиналгача етиб борган Тожикистон миллий жамоаси мамлакатда тантанали кутиб олинди. Тожикистон футбол федерацияси президенти Рустам Имомали қарори билан миллий жамоанинг Қатардаги муваффақиятли иштироки инобатга олиниб, жамоа жами 450 минг АҚШ доллари пул мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек, бир қатор футболчилар ўзи туғилиб ўсган шаҳар ва туман ҳокимликлари, ҳомийлар томонидан алоҳида тақдирланган.
"Истиқлол" футбол клуби хабарига кўра, бугун Душанбедаги "Toyota" автосалонида Тожикистон миллий жамоаси дарвозабони Рустам Ятимовнинг Қатардаги муваффақиятли ўйини ва БААга қарши нимчоракфиналида пенальтилар cериясидаги омадли ҳаракатлари учун унга 2023 йилда ишлаб чиқилган янги "Toyota Corolla" автомобилини совға қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон турнирдаги дебютида чоракфиналгача етиб бориб, яримфинал йўлланмаси учун баҳсда Иорданияга минимал ҳисобда мағлуб бўлиб, турнирни тарк этганди.


