Бугун, 10 июль куни соат 11:00 ларда Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани, Фаробий кўчасида жойлашган ТошМИ чорраҳаси яқинида ер остидан ўтувчи диаметри 800 мм бўлган сув қувури портлаб кетди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги берган дастлабки маълумотларга кўра, қувур босим остида ёрилган. Ҳодиса оқибатида кучли сув оқими юзага келиб, чорраҳа ҳудудида кўчаларда сув тошқинига, айрим биноларнинг ойналари синишига, шунингдек, автомобилларга зарар етишига сабаб бўлган.
Маҳаллий гувоҳларнинг сўзларига кўра, портлаш кучли овоз билан юз берган, ер остидан тошлар отилиб, автомашиналарга жиддий зарар етган. Ҳодиса жойига ён-ғин ва қутқарув бригадалари тезкор етиб келган.
Ҳозирча расмий манбаларда жабрланганлар сони ҳақида аниқ маълумот йўқ, бироқ айрим норасмий хабарларда тан жароҳати олганлар борлиги айтилмоқда.
Ҳозирда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Мутасадди ташкилотлар қувурнинг ёрилиш сабаблари ва етказилган моддий зарар ҳажмини аниқлаш бўйича иш олиб бормоқда.


