Тошкент шаҳрида Собалт автомобилида йўл-транспорт ҳодисаси содир этиб, икки кишининг ўлимига сабаб бўлган 27 ёшли ҳайдовчига суд ҳукми ўқилди. Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди қарорига кўра, у 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди ҳамда 3 йилга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Бу ҳақда "Овоза" дастури хабар бермоқда.
Фожеа 2025 йил 31 август куни юз берган. Маълумотларга кўра, 17 ёшли қиз ва 24 ёшли йигит таниш ҳайдовчидан уларни манзилга етказиб қўйишни сўраган. Йўл давомида ҳайдовчи тезликни ошириб, автомобиль бошқарувини йўқотган ва темир устунга бориб урилган. Тўқнашув оқибатида йўловчилардан бири воқеа жойида, иккинчиси эса шифохонада ҳаётдан кўз юмган.
Суд жараёнида аниқланишича, айбланувчи автомобилни яқинда сотиб олган бўлиб, бу унинг илк ҳайдашларидан бири бўлган. Гувоҳларнинг айтишича, у соатига 80–90 километр тезликда ҳаракатланган. Ҳайдовчининг отаси судда машина қарзларни ёпиш мақсадида олинганини ва ўғли атиги бир неча соат автомобиль бошқарганини билдирган.
Марҳумларнинг яқинлари судда ҳайдовчига нисбатан даъволари йўқлигини маълум қилиб, енгилроқ жазо сўраганига қарамай, суд жиноятни оғир оқибатларга олиб келган деб баҳолади. Шунингдек, суд қарорига биноан, айбланувчидан 51,1 миллион сўм моддий зарар ундирилиши белгиланди. Мутасаддилар бу каби ҳодисалар яна такрорланмаслиги учун ҳайдовчиларни йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирмоқда.


