Шу йилнинг июнь ойида Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида жойлашган 4Н-553 «Шўрча-Нурдум-Жарқудуқ» автомобиль йўлининг 31 км қисмида жорий таъмирлаш ишлари бошланган. Ҳудуд аҳолисининг Zamon.uz нашрига йўллаган мурожаатига кўра, маълум вақт ўтиб йўл қурилиши тўхтаб қолган.
Ушбу ҳолат бўйича Zamon.uz мухбири мутасаддилар билан боғланиб, айрим саволларга жавоб олишга ҳаракат қилди.
Нуробод туман йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасаси директори Маруф Райимшукуровнинг маълум қилишича, Нуробод ТЙФК ДМ балансида бўлган 4H-553 «Шўрча - Нурдум - Жарқудуқ» маҳаллий аҳамиятга эга автомобиль йўлининг 0-31 км қисмини жорий таъмирлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 ноябрдаги №635-сон қарори асосида давлат дастурига киритилган.
Мазкур йўлни жорий таъмирлаш учун 24,8 млрд сўм маблағ ажратилиши ва молиялаштириш Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган.
Қайд этилишича, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Республика бюджетидан ҳозирги кунда 1,485 млрд сўм маблағ ажратилган бўлиб, айни вақтда ушбу маблағлар ҳисобидан йўлда мавжуд эски, яроқсиз асфальт қопламани кесиб олиш ҳамда йўл асосини кўтариш ишлари амалга оширилган.
Мутасаддиларнинг айтишича, мазкур «Шўрча-Нурдум-Жарқудуқ» автомобиль йўлида шу йилнинг ўзида таъмирлаш ишларини бошлаш режалаштирилган. Бироқ, белгиланган маблағлар ажратилмаса, қурилиш кейинги йилга ҳам қолдирилиши мумкин.


