БМТнинг Болалар жамғармаси — UNICEF томонидан эълон қилинган йиллик ҳисоботга кўра, ҳозирда бутун дунё бўйича қарийб 417 миллион бола қашшоқлик чегарасида яшайди дейди Oxu.az нашри.
Таҳлилларда қайд этилишича, 118 миллион бола уч ёки ундан ортиқ, 17 миллион бола эса тўрт ва ундан кўп турдаги муҳим эҳтиёжлардан маҳрум ҳолда ҳаёт кечирмоқда.
Ҳисоботда таъкидланишича, тоза ичимлик суви, профилактик тиббий хизматлар, сифатли таълим каби асосий эҳтиёжларнинг етишмаслиги миллионлаб болаларни чуқур қашшоқликка олиб келмоқда. Бу эса паст ва ўрта даромадли давлатларда ҳар бешинчи бола оғир шароитларда яшаётганини англатади.
UNICEF маълумотларига кўра, болалар ўртасидаги энг юқори даражадаги қашшоқлик Жанубий-Шарқий Африка ва Жанубий Осиё минтақаларида кузатилмоқда.
Шу билан бирга, ҳисоботда сўнгги ўн йилликда айрим ижобий ўзгаришлар ҳам қайд этилган: 2013 йилда болаларнинг 51 фоизи камида битта оғир маҳрумликка дуч келган бўлса, 2023 йилга келиб бу кўрсаткич 41 фоизгача камайган. УНИСEФ буни болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш борасидаги чора-тадбирларнинг натижаси сифатида баҳолайди.
