БМТ қочқинлар масаласи агентлиги Украинадаги уруш ортидан қанча қочқин пайдо бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Унга кўра, 24 февралдан буён Украинани бир миллионга яқин киши тарк этган. Қочқинлар сони сўнгги 3 кунда икки баробарга ошган. БМТ маълумотларига кўра, уларнинг аксарияти Польшага кетган. У ерга юз минглаб қочқинлар боргани айтилмоқда.
BBC таққослаш учун қуйидаги статистикани келтирган: қуролли тўқнашувлар авжига чиққан 2015 йилда Сурия, Ироқ ва Афғонистонни жами 1.3 миллион киши тарк этган.
Маълумот ўрнида: 24 февраль куни Россия Украина шарқида махсус операция бошлаганини эълон қилди. Шу кунгача Бердянск, Херсон каби йирик шаҳарлар эгалланди. Одесса ва Мариуполь ҳозирда қуршаб олинган. Киев ва Харьков остоналарида қонли жанглар давом этмоқда. Уруш ортидан Москвага қарши Ғарб янги санкциялар жорий этди. Евроиттифоқ ва АҚШ Россия самолётлари учун осмонини ёпди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг қатор банклари SWIFT тизимидан узиб қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.


