«2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, дастур доирасида субсидиялар тўлашнинг амалдаги тартибига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди:
- субсидиялар ажратиш юзасидан аризалар тасдиқланган параметрлар доирасида 2024 йилнинг 15 майидан 1 ноябрига қадар қабул қилинади (олдин йил бўйи қабул қилинарди);
- 2024 йилги Дастур доирасида ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар – 12 фоиздан ошган қисмига, 2025 йил ва ундан кейинги йиллар Дастурлари доирасидаги кредитлар бўйича эса – Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошган қисмига тўланади;
Бирламчи уй-жой бозоридаги квартираларни сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар – 2024 йилги Дастурдан бошлаб қатъий белгиланган 30 миллион сўм миқдорида тўланади.
Маълумот учун, субсидия — давлат бюджети, маҳаллий бюджетлар маблағлари ёки махсус фондлардан жисмоний ва юридик шахсларга, маҳаллий органларга, бошқа давлатларга бериладиган пул маблағи ёки натурал шаклидаги ёрдам. Маблағлар кўринишидаги аниқ манзилли Субсидиялар бевосита, солиқ ёки бошқа имтиёзларни жорий этиш билвосита Субсидия деб аталади. Субсидия давлат томонидан қайтариб олмаслик шарти билан ажратилади.


