Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси ходимлари томонидан илк бор Мисрдан диний экстремистик ташкилотларда иштирок этгани учун халқаро қидирувда бўлган жиноятчи экстрадиция қилинди, дея хабар бермоқда ИИВ.
Маълум қилинишича, Интерполнинг Тошкент ва Қоҳирадаги Миллий марказий бюроларининг мувофиқлаштирувчи чораси натижасида, Интерпол Бош котибияти томонидан ўтказилаётган халқаро учрашувлар доирасида бюролар раҳбарлари ўртасида икки томонлама алоқалар ҳамда Интерполнинг бевосита ёрдами туфайли Миср полицияси, жиноятчининг Мисрдан Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши биринчи марта амалга оширилди.
Мазкур шахс ислом университетида таҳсил олиш мақсадида Мисрга борган ва яширин йиғилишларда қатнаша бошлаган, кейинчалик эса диний экстремистик оқимга аъзо бўлган. У ерда эса ўз тарафдорларини кўпайтириш мақсадида фундаментализм ғояларини тарғиб этиб, ислом динига қизиқувчи ва Қоҳирага ўқиш учун келганлар орасида тарғибот ишларини олиб борган. Натижада унга нисбатан айб эълон қилиниб, у халқаро қидирувга берилган
Келиб тушган маълумотларга кўра, жиноятчи Мисрда яширинган ва тезкор-қидирув тадбирлари давомида қўлга олинган. Интерполнинг Тошкент ва Қоҳирадаги Миллий марказий бюроларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари билан жиноятчи Мисрдан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди ва эндиликда у содир этган жинояти учун жавоб беришига тўғри келади, дейилади ИИВ хабарида.


