Хитой ядровий қуролларни назорат қилиш ва қисқартириш бўйича эҳтимолий халқаро музокараларда қатнашмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда мамлакатнинг БМТнинг Женевадаги бўлинмаси ҳузуридаги вакили Тсзян Шен баёнот берди.
Унинг сўзларига кўра, Хитойнинг ядровий салоҳияти ҳажми АҚШ ва Россия арсеналлари билан тенг даражада эмас. Шу сабабли Пекин ҳозирги босқичда ядровий қуролларни чеклаш бўйича кўп томонлама музокараларда иштирок этишни мақсадга мувофиқ деб ҳисобламаяпти.
Хитой вакили ядровий қуролсизланиш борасидаги асосий масъулият энг катта ядровий арсеналга эга давлатлар зиммасида бўлиши кераклигини таъкидлади. Унинг айтишича, айнан шу давлатлар ўз қуролларини сезиларли даражада ва халқаро назорат остида қисқартириш бўйича аниқ қадамлар ташлаши зарур.
Пекин расмийлари бу масала бўйича ўз позициясини сақлаб қолаётганини ва мавжуд глобал ядровий мувозанатда ўзининг ҳозирги даражасини алоҳида ҳолат сифатида кўраётганини билдирган.


