Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтадиган кўргазмада мамлакат музейларидан йигирмага яқин ўзбек либослари намойиш этилади. Тадбир 2 сентябрдан 12 ноябрга қадар бўлиб ўтади. Бу ҳақда Маданият ва санъатни ривожлантириш миллий жамғармаси маълум қилди.
“Рангли Осиё: Осиё либослари кўргазмаси”да 150 га яқин экспонатлар намойиш этилади. Булар Осиёнинг турли бурчакларидан келтирилади.
Ўзбекистондан чопон, сўзан ва тақинчоқлар каби 20 турдаги кийим-кечак тақдим этилади. Уларнинг барчаси одатда Самарқанд музей-қўриқхонаси ва Ўзбекистон давлат санъат музейида сақланади.
Бундан ташқари, кўргазма доирасида “Ўзбекистон кечаси” тадбири ҳам ўтказилади. Унинг иштирокчилари ўзбек матоларини тайёрлаш жараёнини кўришлари мумкин бўлади.


