Ўзбек насрини атоқли ёзувчи, ёрқин сиймо Одил Ёқубов асарларисиз тасаввур этиш қийин. Адиб ҳар бир асарига “тошбосар” даражадаги мазмунни юклайдики, ўқувчи унинг асарларидан инсон ҳаёти, онг-у шуури учун сув ва ҳаводек зарур бўлган озуқа олади. Шу билан бирга, ёзувчи асарларининг тили ниҳоятда содда ва равон бўлиб, бу ўқувчини асарнинг туб моҳиятига батамом шўнғишига йўл очиб беради. Ана шундай асарлардан бири уни ёзувчи сифатида элга танитган қиссаси “Муқаддас”дир.
Муаллиф қиссада ҳаётнинг ўзидан олган завқини, ўз юрак дардини, ҳаяжонларини изҳор этди, ўзи қаламга олган ҳаётий ҳодисаларни тўлалигича — зиддиятлари, чинакам нафосати билан китобхонга етказа олди. Асарда икки ёшнинг ҳаётдаги илк мустақил қадамлари, қувонч ва ташвишлари ниҳоятда самимий ҳикоя қилинган. Энг муҳими, ёзувчи айтмоқчи бўлган гап китобхон кўнглига ҳаяжон соладиган даражада назмий тусда йўғрилган. Асар ўқишга ҳужжат топшириш учун келган қиз ва йигитнинг илк учрашувидан бошланади, айнан мана шу учрашув иккисининг ҳаётида туб бурилиш ясашини эса китобхон қисса сўнгида билиб олиши мумкин.
Ёзувчи романларидаги умумий бир сифат шундан иборатки, у шахс психологиясининг ўраб турган муҳит характери билан муроса-мадора қилмаслигида ойдинлашиб боради. Унинг яратган қаҳрамонлари жамият ҳаётида, кундалик турмушида рўй бераётган ноҳақликлар-у адолатсизликлар, кўзбўямачиликлар-у фирибгарликларга қарши муросасиз кураш олиб боради. Айни тилга олганимиз — “Муқаддас”да ҳам ушбу қарама-қаршиликлар тизгини акс эттирилади.
Олтмишинчи йиллар ёшларининг севимли асарларидан бири бўлган ушбу қисса муҳаббат ҳақида, тўғрироғи, фожиавий севги ҳақида. Асарда чин муҳаббат, поклик ва ҳалоллик тараннум этилади.
Қисса қаҳрамони Шарифжон муайян бир вазиятда ўз иродасига, эътиқодига хилоф худбинлик кўчасига киради, ўзгалар манфаатига зид бу хатти-ҳаракат, аввало, қаҳрамоннинг ўзи учун нохушлик олиб келади, натижада энг азиз нарсаси — севгисидан, севгилисидан жудо бўлади. Шарифжоннинг қинғир йўллар билан севгилиси Муқаддас ўрнига ўқишга кириб қолиши бир тасодиф, аммо шу тасодиф замирида ёзувчи ҳаётнинг муайян ҳақиқати, зиддияти, фалсафасини кўради, яъни ҳаётда кўпчилик манфаатига зид ҳар бир хатти-ҳаракат, аввало, ўша одамнинг шахсий манфаатига ҳам зид тушишини жуда нозик ва таъсирчан ифода этган. “Муқаддас” ёзувчининг бош эстетик, ахлоқий принсипларини шакллантирувчи асар сифатида ҳам қимматлидир.
Хўш, нега асар айнан “Муқаддас” деб номланди? Бу биргина бош қаҳрамон қизнинг исми билан боғлиқми?
Йўқ, ёзувчи асарда зўр эҳтиром билан илгари сурган инсондаги энг азиз, муқаддас туйғулар – виждон, диёнат, иймон-эътиқод, адолат ғоясини ҳам ўзида ифодалайди. Айниқса, муҳаббатдек инжа туйғуни ҳеч қандай ҳислар билан таққосланмаслиги, бу туйғу берган эпкинни бошқа ҳеч бир нарсадан топиб бўлмаслиги китобхон юрагига қўрғошиндек қуйилади.
Адибнинг “Ёзувчининг ўзи ҳалол, иймонли бўлиши керак” деган сўзлари ўз асарларига ҳам кўчгани шубҳасиз. Асл ижодкор — сўзи ва амали бир бўлган ижодкор эканини ҳеч бир замон инкор этмайди. Балки, шунинг учун ҳам ёзувчини “адолат куйчиси” деб аташ ўринли бўлар.
Адиб худбинлик ва адолатсизлик ҳукм сурган жойда муҳаббат сўниши, ҳатто ўлиши суратини гўзал ва ҳаётий рангларда чизган. Шу боисдан “Муқаддас” қиссаси бугунги кун учун ҳам, келажак учун ҳам ибратли бўлиб қолаверади.
Китобхон хулосасини топишидан аввал эса ўз қалбига бир қур назар ташлаши, бош қаҳрамонлар ўрнида бўлганда қандай йўл тутиши кераклиги ҳақида бош қотириши, хулқ-у характерини ислоҳ қилиб кўриши лозим. Ана шундагина ҳар кимнинг топган хулосаси ўзиники бўлади.