Европа Иттифоқи Беларусдан ўз ватанига қайтишни хоҳловчи муҳожирларга ёрдам бериш учун 3,5 миллион еврога яқин маблағ ажратишга келишиб олди. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Леен Европарламент депутатлари олдида сўзлаган нутқида маълум қилди.
"Борган сари кўпроқ муҳожирлар тузоққа тушиб қолган ва биз уларнинг ватанига қайтишини осонлаштириш учун БМТ агентликлари билан ишлаймиз. Беларусдан ихтиёрий қайтишни қўллаб-қувватлаш учун 3,5 миллион еврогача маблағ ажратамиз", - деди у.
Бундан ташқари, Европа Комиссияси раҳбарининг қўшимча қилишича, Литва, Латвия ва Польшага 2021 ва 2022 йиллар учун чегараларни мустаҳкамлаш учун ажратилган маблағлар уч баробарга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқида одамларни ноқонуний олиб ўтишга кўмаклашувчи ёки шуғулланувчи транспорт операторларига нисбатан санкциялар қўллаш таклиф қилинган. Аввалроқ Туркия Яман, Ироқ ва Сурия фуқароларига Белорусга чипта сотишни тақиқлаганди.
Насиба Тўхтаева


