Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 ноябрдаги “Жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Фармони билан Бош прокуратура Академияси негизида Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилди.
Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалини (кейинги ўринларда – Ихтисослаштирилган филиал) тугатиш ҳамда унинг штат бирликлари, ўқув ва моддий-техника базаси Академияга ўтказилади.
Қуйидагилар Академия фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
- таълим олувчиларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя қилиш маданияти билан уйғунлашган юксак маънавий, психологик, таҳлилий ва касбий сифатларни ривожлантиришнинг самарали тизимини жорий этган ҳолда жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги мутахассисларни чуқурлаштирилган мақсадли базавий тайёрлаш;
- махсус касбий кўникмаларни шакллантириш ва ривожлантириш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини етказишга қаратилган дастурлар асосида тергов ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг бошқа соҳаларида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
- коррупцияга ҳамда жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш соҳаларида махсус ўқув дастурлари асосида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш;
- жиноятларни тергов қилиш методикаси ва тактикасини самарали белгилаш асосида жиноят ишлари бўйича мустақил иш юритиш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган интерфаол ўқитиш методларини таълим жараёнига татбиқ этиш;
- ўқитишнинг замонавий шакллари, педагогик ва ахборот технологиялари асосида назарий тайёргарликнинг ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан узвий боғлиқлигини, шу жумладан, масофавий таълим шаклида таъминлашга қаратилган ўқув жараёнини ташкил этиш;
- прокуратура органлари ходимларида билим ва кўникмаларни, шу жумладан, тизимли таҳлил ва танқидий фикрлашни, қонунийликни таъминлаш юзасидан адолат ва масъулият каби юксак туйғуларни шакллантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг яхлит тизимини ташкил этиш;
- юқори малакали илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг энг долзарб масалалари бўйича комплекс илмий тадқиқотларни тизимли асосда, шу жумладан, миллий ва халқаро грантларни жалб этган ҳолда амалга ошириш;
- жиноятлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини, шу жумладан, терговга қадар текширув ҳужжатлари ва жиноят ишларини ўрганиш асосида уларнинг алоҳида турлари кесимида таҳлил ва диагностика қилиш, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини услубий ва консультатив таъминлаш;
- суд-ҳуқуқ соҳасида қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, илғор педагогик тажриба алмашиш борасида узлуксиз халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, ўқув жараёнига хорижий мамлакатлар етакчи ўқув ва тадқиқот муассасаларининг малакали мутахассисларини жалб қилиш.


