Украина Президенти Владимир Зеленский ўзининг энг яқин шерикларидан бири Сергей Шефирни президент ёрдамчиси лавозимидан озод қилди.
У, шунингдек, президентнинг уч нафар штатдан ташқари маслаҳатчиси - Михаил Радуцкий, Сергей Трофимов ва Олег Устенкони ишдан бўшатди. Бундан ташқари, Украина Президентининг фармони билан ҳарбийлар ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича комиссари Алена Вербицкая ва кўнгиллилар фаолияти бўйича комиссар Наталья Пушкарева ўз лавозимларидан озод этилди. Ишдан бўшатиш сабаблари очиқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, 29 март куни Зеленский президент девонхонаси раҳбари ўринбосарлари Андрей Смирнов ва Алексей Днепровни ишдан бўшатганди. Бундан бироз олдин Украина президенти Алексей Даниловни Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби лавозимидан озод қилганди. Кейинроқ Данилов Украинанинг Молдовадаги элчиси этиб тайинлангани хабар қилинди.


