Президент Владимир Зеленский Украинада кенг кўламли ҳарбий операция бошланганидан бери биринчи марта Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан учрашди.
Учрашув Япониядаги G7 саммити доирасида бўлиб ўтди. Зеленский Ҳиндистон бош вазирига Украинанинг инсонпарварлик эҳтиёжлари, жумладан, миналардан тозалаш ва мобил касалхоналар ҳақида гапириб берди. У, шунингдек, Модини Тинчлик формуласига қўшилишга ундади.
“Уруш кўплаб инқироз ва азоб-уқубатларни олиб келди. Депортация қилинган болалар, миналанган ҳудудлар, вайрон қилинган шаҳарлар, вайрон қилинган тақдирлар”, — дейди президент.
У Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлагани ва инсонпарварлик ёрдами кўрсатгани учун Ҳиндистонга миннатдорчилик билдирди. Ўз навбатида, Нарендра Моди Зеленскийга ҳиндистонлик талабаларни Украинадан эвакуация қилишда кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.
Ҳиндистон Россиянинг Украинага бостириб киришини қораламаган, бироқ бошқа томондан, Москвани ҳам қўллаб-қувватламаган.


