2026 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистонда “А” ва “Б” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш тартибида бир қатор муҳим ўзгаришлар кучга кирди. Эндиликда ҳайдовчиликка номзодлар назарий билимларни автоўқув марказига бормасдан ҳам ўзлаштириши мумкин. Бу ҳақда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти маълум қилди.
Янги тартибга кўра, назарий тайёргарликни онлайн ёки офлайн курслар орқали, шунингдек мустақил равишда ўрганишга рухсат берилади. Бироқ амалий машғулотлар — яъни руль бошқариш дарслари мажбурийлигича қолади ва улар давлат ёки хусусий автоўқув марказларида тўлиқ ўтилиши шарт.
Амалий машғулотлар якунлангач, ҳайдовчиликка номзодлар назарий ва амалий имтиҳонларни топширади. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган шахсларгагина ҳайдовчилик гувоҳномаси берилади.
Шунингдек, амалиётни тугатганлик ҳақидаги маълумотнома энди қоғоз шаклида эмас, электрон тарзда расмийлаштирилади. Бундан ташқари, “А” ва “Б” тоифалар бўйича ҳайдовчиларни тайёрлаш ўқув гуруҳларини Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида рўйхатга олиш талаби ҳам бекор қилинди.


